Марокаш футбол бўйича 2015 йилги Африка миллатлар кубогига мезбонлик қилмайди, мусобақага мезбон мамлакат сифатида йўл олган бу мамлакат термаси эса дисквалификация қилинди. Бу ҳақдаги қарор 11 ноябрь, сешанба куни Африка футбол конфедерацияси (CAF) томонидан қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Кун».
Октябрь ойида Марокаш Африка миллатлар кубогини 2015 йил январь — февралидан нисбатан кечроқ муддатга кўчиришни сўраб CAF’га мурожаат қилганди. Марокаш ҳукуматининг фикрича, мусобақанинг кечиктирилиши Эбола вируси қайд этилган мамлакатлар иштирокидаги тадбирлардан қочиш ва касаллик тарқалишини олдини олиш имконини берган бўларди. Бироқ CAF мусобақани бошқа муддатга қолдириш тўғрисидаги таклифни рад этди.
CAF томонидан тарқатилган баёнотда қайд этилишича, мусобақанинг янги мезбони номи тез орада маълум қилинади. Мезбонликка даъвогар мамлакатлар сони ва мусобақанинг ўтказилиш муддатлари ўзгарадими-йўқми, ҳозирча номаълум.
«CAF футбол бўйича Африка миллатлар кубогини ўз ҳудудида қабул қилиш истагани билдирган мамлакатлардан бир неча таклифларни кўриб чиқмоқда», — дейилади BBC News хабарида.
Марокаш мезбонлик қилишдан бош тортган Африка миллатлар кубогининг финал босқичига саралашдан ўтган 15 та мамлакат термаси йўл олади. Яна бир йўлланма эса мусобақа мезбонига айланадиган мамлакатга берилади.
Маълумот учун, Ғарбий Африкадаги Эбола безгаги вируси эпидемияси 2014 йил баҳорида бошланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ноябрь ойи бошидаги маълумотларига кўра, Эбола безгаги натижасида камида 4960 киши ҳалок бўлган. Касалликдан даволовчи тан олинган дори ёки вакцина ҳозирча мавжуд эмас.
Изоҳ (0)