Ўтган ҳафта давомида Ўзбекистон бўйича жами 208 та ёнғин рўйхатга олинган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Турли сабабларга кўра содир бўлган ёнғинларда 2 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш тан жароҳатлари олишган ва 3 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Ушбу ёнғинларда 1 миллиард 72 миллион 936 минг 960 сўм миқдорида қурилиш материаллари ва 829 миллион 479 минг 414 сўм миқдорида моддий бойликлар ёнғиндан сақлаб қолинган.
Навоий вилояти Кармана туманидаги уйлардан бирида электр симларининг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 1 квадрат метр майдонда уй жиҳозлари ёниб зарарланган. Ёнғин ўчириш вақтида уй эгасининг 1 ёшли қизи куйиш тан жароҳати олган ҳолда шифохонага ётқизилган.
Андижон вилояти Марҳамат туманида жойлашган уйлардан бирида электр симларининг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 70 кв. метр майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёнган. Ёнғин ўчириш вақтида уй эгасининг келини ва 5 ёшли набираси ёнғин ўчирувчилар томонидан қутқарилган ҳамда уй эгасининг ўғли ва икки нафар набирасининг куйган ҳолдаги жасадлари топилган.
Изоҳ (0)