Яқинда иш бошлаган масъулияти чекланган жамиятга раҳбар бўлган Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Миразиз (исмлар ўзгартирилган) товар олиб бераман дея ўртада воситачилик қилиб, бировлардан катта миқдорда пул олар, кейин Алининг тўнини Валига кийгизиб сувдан қуруқ чиқиб юрар экан, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг «Постда» газетаси.
Ўзига яраша обрў-эътиборга эга Тўлқин пойтахтдан чеккароқда сотиб олган ерида уй қуриш мақсадида керакли қурилиш материалларини харид қилишга киришди. Цементни қаердан сотиб олишни ўйлаб юрганида таниши, товар хомашё биржасида ишловчи Маҳмуд жонига оро кирди. Фақат бунинг учун цемент тўғридан-тўғри унинг ўзига эмас, қандайдир бир фирмага ўтказилиши керак экан.
Шу боис Маҳмуд Тўлқинга одамларга воситачилик қилувчи масъулияти чекланган жамиятни топиб берди. Жамият раҳбари Миразиз бу таклифга бажонидил рози бўлди. Фақат Тўлқин мазкур МЧЖнинг ҳисоб рақамига олдиндан белгиланган миқдордаги суммани ўтказиши лозим эди. У бу шартга кўниб, 210 тонна цемент учун 62 миллион сўм нақд пулни Маҳмуд орқали Миразизга топширди. Миразиз бу пулни товар хомашё биржасига топшириши, шунга кўра 210 тонна цемент олиниши лозим эди.
Бироқ орадан 1-2 ой ўтса-да Тўлқин зарур маҳсулотни ололмади. Маҳмудга қўнғироқ қилса, у Миразиз тегишли маблағни ўтказмаётганини айтиб, цемент пул ўтказилганидагина берилишини маълум қилди. Миразиз эса пул ўтказишни ортга суравериб, охири кўринмай кетди. Тўлқин охири ички ишлар идораларига мурожаат қилишдан бошқа чора топа олмади.
Кейинроқ аниқланишича, қаллоб фуқаро Келдиёрга тегишли 132 миллион сўмлик тўртта ҳаво пурковчи компрессорни ўзи раҳбарлик қилаётган МЧЖ орқали сотиб беришини ваъда бериб, уни ҳам чув туширган. Миразиз компрессорларни икки томонлама шартнома орқали «Ўзэлектротармоқ» унитар корхонасига сотади. Товар эвазига корхона биринчи тўлов сифатида МЧЖга 100 миллион сўм ўтказиб беради. Лекин Миразиз бу пулни бошқа ташкилот ва корхоналарга ҳар хил тез сотилувчи маҳсулотлар учун ўтказиб, ўзлаштириб юборди.
«Ишбилармон брокер» устидан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиш жараёнида Миразиз муқаддам судлангани боис уч йилгача раҳбарлик қилиши мумкин бўлмагани, МЧЖ таъсисчиларидан ўзининг судланганини яшириб келгани аниқланди.
Энди у барча қилмишлари учун қонун олдида жавоб беришга мажбур, дейилади нашрда.
Изоҳ (0)