Электромобил ишлаб чиқарувчи Tesla компанияси ва SpaceX космик корпорацияси асосчиси, америкалик машҳур тадбиркор Элон Маск янги лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетасига таяниб, Korrespondent.net хабар бермоқда.
Элон Маск ерга яқин орбитага бутун дунёни интернетга уланиш билан таъминловчи қарийб 700 та унчалик катта бўлмаган телекоммуникация йўлдошларини юборади. Тадбиркор мазкур лойиҳани Google’нинг сунъий йўлдошлар бўйича катта тажрибага эга бўлган собиқ менежери Грег Уайлер билан бирга амалга оширишни режалаштирмоқда. Уайлернинг WorldVu Satellites компанияси радиочастоталарнинг йирик блоки ҳуқуқига эгалик қилади.
Қайд этилишича, ҳамкорлар космосга 113 килограммдан кам оғирликдаги қурилмалар жўнатишни мўлжалламоқда. Бу айни дамда орбитада ишлаётган энг кичик телекоммуникация йўлдошларидан икки баробар кам оғирлик демакдир.
Бундан ташқари, мазкур қурилмаларнинг ҳозирги телекоммуникация йўлдошларига нисбатан анча арзон бўлиши кутилмоқда. Қайд этилишича, Маск ва Уайлер қурилмаларининг умумий қиймати миллион доллардан ошмайди.
Режаларга кўра, сунъий йўлдошлар орбитага SpaceX Falcon 9 компанияси ракеталарида ҳам етказилади.
Агар ҳамкорлар орбитага 700 та қурилма жўнаца, уларнинг сунъий йўлдошлар гуруҳи дунёдаги энг йирик Iridium Communications (АҚШ) йўлдошли телефон алоқа оператори гуруҳидан 10 баробар кўп бўлади.
Изоҳ (0)