Сурхондарё вилояти Ангор туманида истиқомат қилувчи ҳайдовчи қариндошларини Термиз шаҳрига олиб бориш ниятида Lacetti русумидаги автомобилда йўлга тушди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг «Постда» газетаси хабар бермоқда.
Худди шу куни шерободлик аёл қизи ва аммаси билан туман марказидаги бозордан керакли нарсаларни харид қилгач, Matiz автомашинасида уй томон йўлга чиқди. Шеробод — Ангор йўналишида ҳаракатланаётган аёл бозорда чарчадими, ўз бошқарувидаги автомобилни қарама-қарши йўналишда ҳайдаб кетди.
Катта тезликда Lacetti ҳайдаб келаётган ангорлик тўғридан келаётган Matiz автомобилини кўриб эсанкираб қолди ва тормозни босиш ўрнига рулни чапга бурди. Натижада Lacetti ўз йўналишига ўтиб олган Matiz автомобилига урилди.
Автоҳалокат натижасида Matiz ичида бўлган йўловчи аёл (ҳайдовчининг аммаси) олган жароҳати туфайли ҳаётдан кўз юмди. Matiz автомобилини бошқарган аёлнинг ўзи эса эртаси куни Ангор туманидаги шифохонада жон берди. Қолганлар ҳам турли даражада тан жароҳати олди.
«Суриштирув натижасида Lacetti ҳайдовчиси ўз айбини тан олди, — деди Сурхондарё вилояти IIБ тергов бошқармаси бўлинма бошлиғи, катта лейтенант Обид Ғойибқулов. — Ўша вазиятда машинани бошқариб келаётган (Lacetti) ҳайдовчиси рулни чап томонга бурмай, тормозни босганида икки кишининг умрига зомин бўлмасди. У шошқалоқлик қилиб, қариндошларни манзилга тезда элтиб қўйиш ниятида тезликни белгиланганидан ошириб юборган. Бу йўл-транспорт ҳодисасида Matiz ҳайдовчисининг ҳам айби бор. У ҳар қандай шароитда ҳам қарама-қарши томонга чиқиб кетмаслиги керак эди».
Изоҳ (0)