Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 10 ноябрь куни Хитой Халқ Республикасининг Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши миллий қўмитаси раисининг ўринбосари, миллатлар ишлари бўйича давлат қўмитаси раиси Ван Чженвей раҳбарлигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Дилором Тошмуҳамедова мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, ҳурмат, тенглик ва манфаатдорлик, стратегик шериклик тамойиллари асосида изчил ривожланаётганини, бунда давлатлар раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон ва Хитойнинг қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг турли йўналишларига оид масалалар юзасидан фикр алмашилди. Икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
«Ўзбекистон иқтисодиёти жадал тараққий этмоқда, — деди Ван Чженвей. — Мамлакатингизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда изчил ривожланаётгани бизни ғоят қувонтиради. Дўстлик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига асосланган алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тарафдоримиз».
Хитой делегацияси аъзолари шу куни Ўзбекистон Республикаси Байналмилал маданият марказида ҳам музокара ўтказди.
Изоҳ (0)