Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-туғруқ мажмуасининг янги биноси фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Президент раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари учун янги бинолар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
«‘Андижон-бўстон’ кўп тармоқли қурилиш-таъмирлаш корхонаси бунёдкорлари томонидан барпо этилган мажмуанинг янги биноси барча зарур тиббий воситалар билан таъминланган, — деди туғруқ мажмуаси бош шифокори Оксана Елецкая. — Бу шаҳримиз аҳолиси, хусусан, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишларимизни янада юксалтиришга хизмат қилади».
Вилоятда «Соғлом бола йили» Давлат дастури ижроси доирасида тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Избоскан, Балиқчи, Олтинкўл ва Асака туманлари тиббиёт бирлашмалари, Избоскан туман силга қарши курашиш диспансери, Улуғнор тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника биноларидаги бунёдкорлик ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)