Қатарда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати учун спорт объектлари қурилишида иштирок этаётган КХДРдан келган ишчиларнинг сўзларига кўра, Шимолий Корея ҳукумати улар ишлаб топган пулнинг 90 фоизини олиб қўяди. Бу ҳақда The Guardian нашрига таяниб, Stadion.uz хабар бермоқда.
Ишчи-муҳожирларнинг сўзларига кўра, улар ўзлари ва оилаларини боқиш учун ишламоқда. Бироқ Шимолий Кореядан қочганлар ва мутахассисларнинг фикрича, охир-оқибат улар ишлаб топган пулларининг фақат 10 фоизини қўлга киритади, баъзиларга эса ҳеч нарса берилмайди.
«Биз кабиларга одатда пул тўлашмайди. Ишлаб топган пулларимиз ўзимизга деярли тегмайди. Биз бу ерга халқимиз учун валюта ишлаб топиш мақсадида келганмиз», — деди Қатар пойтахти Доҳа марказидаги қурилишлардан бирида меҳнат қилаётган шимолий кореялик муҳожирлардан бири.
Расмий Пхеньян олиб бораётган ядровий дастур сабаб, Шимолий Корея халқаро санкциялар шароитида яшаб келмоқда. Шу муносабат билан ишчи-муҳожирлар томонидан ишлаб топилаётган хорижий валюта КХДР иқтисодиётини қўллаб-қувватлаб туришда муҳим восита ҳисобланади.
Маълумот ўрнида, Қатардаги жаҳон чемпионати баҳслари 2022 йилда бўлиб ўтиши керак. Мусобақа мезбонини аниқлаш бўйича сайловлар атрофида юзага келган можаролар туфайли ушбу мамлакатда мундиални ўтказиш имкониятлари кўп ҳам юқори баҳоланмаяпти.
Изоҳ (0)