Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида 10 ноябрь, душанба куни Ёшлар маданият ва санъат маркази тақдимоти бўлиб ўтади. Бу ҳақда марказ вакиллари берган маълумотга таяниб, «Кун» хабар берди.
Маълум қилишларича, тақдимот маросимида Ёшлар маданият ва санъат марказининг лойиҳаларидан бири бўлган «Эътироф—2014» танловининг тақдирлаш маросими ҳақида ахборот берилади.
Шунингдек, марказ томонидан илк бора ташкил этиладиган лойиҳалар — «Йил қўшиғи», «Куйла, ёшлигим», «Овоз» телелойиҳалари, «Сен — истеъдодлисан», «Болалик олами» кўрик-танлов ва фестиваллари ҳақида батафсил маълумот берилиши режалаштирилган.
Ёшлар маданият ва санъат маркази Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 14 августдаги «‘Ёшлар маданият ва санъат маркази’ фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилган.
Марказнинг асосий вазифалари умидли ижодкор ва иқтидорли ёшларни излаб топиш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳамда концерт, фестиваль, кўрик-танлов ва турли маданий шоу-томоша тадбирларини ўтказишдан иборат.
Маълумот учун, сўнгги икки мавсумдан бери келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган хонандалар (Севара Назархон, Наргиз Зокирова) Россия телевидениесида «Голос» («Овоз») танловида муваффақиятли иштирок этиб келаётган, уларнинг иштироки Ўзбекистонда ҳам фаол кузатиб борилаётган эди.
Изоҳ (0)