U-22 ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионати-2016 саралаш баҳсларига шу йилнинг 4 декабрь куни қуръа ташланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан тасдиқланган регламентга кўра кўра, жами 44 терма жамоа икки зонага бўлинган ҳолда саралаш гуруҳларига ажратилади. 2016 йилги Осиё Чемпионати мезбони эса, саралаш баҳсларидан озод этилади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Эрон, Қатар ва Саудия Арабистони қаторида 2016 йилги U-22 Осиё Чемпионати мезбонлигига даъвогар ҳисобланади. Осиё Чемпионати-2016 мезбони номи эса 31 ноябрь куни ОФК Ижория Қўмитаси йиғилишида эълон қилинади.
Осиё Чемпионати саралаши регламентига кўра, Ўзбекистон Ғарб зонаси терма жамоалари билан куч синашади. Ғарб зонасида жами 23 та жамоа 5 гуруҳга бўлинган ҳолда мусобақага киришади. Ғарб зонаси саралаш баҳсларига мезбонлик қиладиган мамлакатлар номини эса ОФК тасдиқлади ва унга кўра Эрон, Қатар, Фаластин, Бангладеш ва Покистон саралаш гуруҳларига мезбонлик қиладилар.
Осиё Чемпионати саралаш баҳслари эса 2015 йилнинг 23−31 март кунлари ўтказилади. Регламентга кўра, саралаш гуруҳи ғолиблари ва 2-ўринни эгаллаган жамоалар ичида энг яхши кўрсаткичга эга 5та жамоа Осиё Чемпионати-2016 финал босқичига йўлланма оладилар.
Маълумот ўрнида, 2016 йилда ўтказиладиган U-22 Осиё Чемпионати худди шу йили Рио де-Жанейро шаҳри мезбонлик қиладиган Олимпиада ўйинларига ҳам саралаш вазифасини ўтайди. 2016 йилги ОЧ финал босқичи ўйинлари санаси кейинрок ОФК томонидан тасдиқланади.
Изоҳ (0)