Тошкентдаги «Туркистон» саройида «Competizione dell’Opera» итальян операси ижрочилари XIV халқаро танловига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Фотиҳ Жалолов, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри директори Бахтиёр Ёқубов Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий санъатимизни янада равнақ топтириш, эришилган ютуқларни жаҳонда кенг тарғиб этиш, бу борадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
«Competizione dell’Opera» итальян операси ижрочилари XIV халқаро танлови 24−29 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Австриядаги «Competizione dell’Opera» халқаро танлов уюшмаси, «Ўзбектеатр» ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур танловда Осиё, Европа, Австралия, Африка ва Жанубий Америка мамлакатларининг дастлабки босқичлардан муваффақиятли ўтган ёш опера ижрочилари иштирок этади.
«Competizione dell'Opera» танловига 1996 йили Германияда асос солинган. Гамбург шаҳрининг мусиқа ва театр олий мактабининг ўша даврдаги президенти, профессор Герман Рауэ «Cestelli» биринчи опера танловини ташкил этган. Мазкур танлов шуниси билан эътиборлики, унда иштирокчилар қадимдан ХХ асргача бўлган даврдаги опера асарларини фақат итальян тилида ижро этади. Танловда 20-30 ёшдаги опера ижрочилари қатнашиши мумкин. Уларнинг саҳнадаги чиқишларини дунёнинг йирик опера театри раҳбарлари ва машҳур опера ижрочиларидан иборат халқаро ҳайъат аъзолари баҳолайди.
Матбуот анжуманида ушбу халқаро танловга кўрилаётган тайёргарлик ҳақида атрофлича маълумот берилди. Журналистларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Изоҳ (0)