Тошкентдаги Миробод компьютер технологиялари коллежида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузридаги Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси томонидан тадбир уюштирилди, деб хабар бермоқда UzReport.
Тадбир чоғида Ўзбекистонда вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида SMS-турникет тизими жорий қилинаётгани қайд этилди. Бундай тизим илк марта 2012 йилда Миробод компьютер технологиялари коллежида жорий этилган.
Тизим моҳияти шундан иборатки, муассаса ўқувчилари, ўқитувчилари ва бошқа ходимларига махсус электрон карта берилади; турникетдан ўтиш учун шу карта махсус табло ёнига келтирилади; картадаги маълумот автоматик равишда ўқилиб, агар у рўйхатдан ўтган бўлса турникет очилади. Акс ҳолда, турникет блокланиб тураверади. Ўқувчи бинога кириб-чиққанда, ота-онасига унинг коллежга киргани ёки чиққанини тасдиқловчи SMS хабар жўнатилади.
Миробод тумани Ички ишлар бўлами вояга етмаганлар ишлари бўйича инспектори Нигора Комилованинг сўзларига қараганда, ҳокимиятлар ва маҳалла қўмиталари билан биргаликда ушбу тизимни Тошкент шаҳридаги бошқа ўқув муассасаларига ҳам киритиш учун тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)