Украина ўзининг Қозоғистондаги бош консулхонасини ёпиб қўйди. Бу ҳақда Украинанинг Қозоғистондаги элчихонаси матбуот котиби Ирина Блашчук сўзларига таяниб, Tengrinews.kz хабар бермоқда.
«Украинанинг Олма-Отадаги бош консулхонаси 1 ноябрдан бошлаб ёпиб қўйилди. Фуқаролар қабули амалга оширилмаяпти. Бу Украина ташқи ишлар вазирининг қароридир», — деди Ирина Блашчук. Унинг маълум қилишича, ёпилган консулхона иши Украинанинг Остонадаги элчихонаси консуллик бўлимига юклатилади. Барча хоҳловчилар элчихонага мурожаат қилишлари мумкин, дейилади хабарда.
Шунингдек, элчихона матбуот котиби Украинанинг Руминия ва Словакиядаги бош консулхоналари, Болгария ва Франциядаги консулхоналари ёпилаётгани ҳақида хабар берди. Грузиядаги консуллик агентлиги, Россиянинг Нижний Новгород шаҳридаги бош консулхона, Исроил ва Бразилиядаги консулхоналар фаолияти тугатилади.
Ирина Блашчукнинг таъкидлашича, мазкур муассасаларнинг ёпилишига маблағлардан оптимал фойдаланиш нияти сабаб бўлган.
Изоҳ (0)