Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси ташкил этилганининг 20 йиллиги муносабати билан мамлакатдаги барча темирйўл ходимларига қутлов йўллади. Табрикнинг тўлиқ матни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида эълон қилинди.
Қутловда қайд этилганидек, ҳозирги вақтда Ўзбекистон бўйича юкларнинг 60 фоиздан зиёди, йўловчиларнинг эса 75 фоиздан ортиғи темир йўл транспорти орқали ташилмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистон темирйўлчилари куч-ғайрати билан 1100 километрдан зиёд янги темир йўл тармоқлари барпо этилди. 3800 километрлик йўл модернизация қилинди ва қайтадан ишга туширилди, қарийб 1000 километрлик темир йўл магистраллари электрлаштирилди. Ана шундай катта ишлар натижасида темир йўлларнинг умумий узунлиги 6500 километрга етди ва улар республиканинг барча минтақаларини қамраб олиш имконига эга бўлди.
«Компаниянинг йўл хўжалиги, ‘Ўзтемирйўлйўловчи’ очиқ акциядорлик жамияти йўловчилар ташиш бўлинмаси ва ‘Ўзтемирйўлконтейнер’ юк ташиш тузилмаси, шунингдек, қурилиш ташкилотлари ва бошқа таркибий қисмлари мамлакатимиз темир йўл тизимини ривожлантириш ва унинг самарали фаолият кўрсатишига салмоқли ҳисса қўшмоқда», — дейилади табрикда.
Таъкидланганидек, компания ташкил этилган кундан буён юк ташишлар 1,5 баробар, йўловчи ташиш эса 1,3 баробар кўпайгани, темир йўллар орқали 1 миллиард 400 миллион тонна юк ташилгани ва 350 миллион йўловчи ўз манзилига етказилгани унинг салоҳияти ва имкониятлари тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Изоҳ (0)