Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг VIII қурултойи бўлиб ўтди. Унда партиянинг барча ҳудудлардаги ташкилотларидан сайланган делегатлар қатнашди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг матбуот хизмати.
Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши раиси Ҳ. Кетмонов партия ташкилотлари фаолиятининг асосий якунлари ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов муносабати билан партия олдида турган устувор вазифалар ҳақида маъруза қилди.
Делегатлар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2010—2014 йиллардаги фаолиятини танқидий таҳлил қилиб чиқди.
Уларнинг фикрича, партия ташкилотлари салоҳияти катта бўлса-да, мавжуд захираларнинг барчаси ишга солинмаган. Хусусан, партия ташкилотлари томонидан ёшлар билан ишлашга етарли даражада эътибор қаратилмаган, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда халқ депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги депутатлар гуруҳлари фаолияти суст бўлиб қолмоқда.
Қурултойда, шунингдек, партиянинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси, бошланғич ташкилотлар, жамоатчилик қабулхоналари фаолиятида, барча даражадаги партия ташкилотларини ахборот-таҳлилий таъминлашда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмагани кўрсатиб ўтилди. Парламентдаги фракциянинг жойлардаги депутатлар гуруҳлари билан партия сайловолди платформаси қоидаларини амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилмагани танқид қилинди.
Қурултойда социал-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни рўёбга чиқаришда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ролини оширишга доир энг муҳим вазифалар белгиланган сайловолди платформаси тасдиқланди.
Сайлов қонунчилигига мувофиқ, Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатилди.
Шунингдек, қурултойда партиянинг ваколатига кирадиган бошқа масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Изоҳ (0)