Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси ташкил этилганининг 20 йиллиги муносабати билан мамлакатдаги барча темирйўл ходимларига қутлов йўллади. Табрикнинг тўлиқ матни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида эълон қилинди.
Ислом Каримов ўз табригида Амударё узра автомобиль ва темир йўл қатнови учун мўлжалланган замонавий кўприкни ўз ичига олган Навоий — Учқудуқ — Нукус — Султон Увайстоғ ва Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон янги темир йўл магистралларининг ишга туширилиши узоқ истиқболни кўзлаган ҳолда, барқарор ривожлантириш йўлида амалга оширилган стратегик аҳамиятга эга иш эканлигини қайд этди.
«Япониянинг Халқаро ҳамкорлик банки иштирокида мураккаб табиий ва иқлим шароитларида барпо этилган, денгиз сатҳидан 1 минг 500 метр баландликда жойлашган тоғ довони орқали ўтадиган 223 километр узунликдаги Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон янги темир йўли моҳият эътибори билан Марказий Осиёда ўхшаши бўлмаган ноёб иншоот ҳисобланади», — деб таъкидлади Давлат раҳбари.
Ҳозирги кунда Мароқанд — Қарши ва Қарши — Термиз темир йўл тармоқларини электрлаштириш борасидаги ишлар ҳам жадал суръатлар билан олиб борилмоқда.
«Биз транспорт коммуникация соҳасидаги яна бир йирик иншоот, яъни, 19 километрлик темир йўл тоннелини ўз ичига оладиган Ангрен — Поп йўналишидаги янги электрлаштирилган темир йўл тармоғини хитойлик ҳамкорларимиз билан биргаликда барпо этишга катта истиқболга эга бўлган муҳим лойиҳа сифатида қарамоқдамиз», — дейилади қутловда.
Ушбу темир йўл тармоғининг 2016 йил июль ойида ишга туширилиши Фарғона водийси вилоятларини Ўзбекистоннинг марказий қисми билан ишончли тарзда боғлашга имкон яратади, республиканинг бутун ҳудуди бўйлаб ягона темир йўл транспорт тизимини шакллантириш борасидаги ишларни якунига етказади. У Хитой — Марказий Осиё — Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади.
Изоҳ (0)