Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасининг Бош котиби Ойбек Қосимов 2014 йилнинг 7—8 ноябрь кунлари Бангкок шаҳрида ўтказиладиган Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг (МОҚА) XIX Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун бугун Таиланд пойтахтига жўнаб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Бу йилги ассамблея йиғилишида дунёнинг 200 дан зиёд давлатларининг МОҚ раҳбарияти, шунингдек, Халқаро олимпия қўмитаси, Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси ҳамда халқаро спорт ташкилотларининг раҳбарлари иштирок этади.
«Ассамблея йиғилишида Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси президенти, Осиё олимпия кенгаши раҳбари Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ, шунингдек, МОҚА Бош котиби ҳамда қитъавий вице-президентлар, МОҚАнинг турли комиссия ва бўлимлари раҳбарларининг ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар юзасидан маърузалари тингланиб, МОҚАнинг 2014—2018 йиллардаги раҳбарияти сайланади.
Бундан ташқари, ассамблея йиғилишида 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ва 2020 йил Токио (Япония)да ўтказиладиган ёзги Олимпия ўйинлари, шунингдек, 2016 йил Норвегиянинг Лиллихаммер шаҳрида ҳамда 2018 йил Буэнос-Айрес (Аргентина)да ўтказиладиган қишки ва ёзги ўсмирлар олимпиада ўйинлари, 2018 йил Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида ўтказиладиган қишки олимпиада ўйинлари ташкилий қўмиталари раҳбарларининг тайёргарлик ишлари бўйича ҳисоботлари тингланади.
Ассамблея йиғилишида қитъавий мусобақаларнинг ташкилий қўмита раҳбарлари ҳамда Бутунжаҳон допингга қарши агентлиги раҳбари Крейг Риди ҳам ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар юзасидан маъруза қилади. Сафар давомида Халқаро олимпия қўмитаси, Осиё олимпия кенгаши ва турли давлат МОҚлари раҳбарияти билан учрашувлар ҳам режалаштирилган», — деди Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов.
Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг Бош Ассамблеясида Олимпия бирдамлиги дастури бўйича амалга оширилган саъй-ҳаракатлар ҳамда 2022 йилги қишки Олимпиада ўйинларининг мезбонлигига даъвогар давлатлар вакилларининг тайёргарлик дастури билан боғлиқ масалалари юзасидан ҳам маърузалар тингланади.
Изоҳ (0)