Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигида 2014 йилнинг тўққиз ойи якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Жорий йилнинг тўққиз ойи якунлари бўйича Ўзбекистонда 4,3 мингдан ортиқ йўловчи ташиш йўналишларида аҳолига хизмат кўрсатилмоқда. Уларнинг 98,4 фоизи очиқ тендер савдолари орқали жойлаштирилгани автотранспорт хизматлари бозорида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ва транспортда ташувчилар учун тенг шароит яратиш имконини бермоқда. Жумладан, 2014 йилнинг январь—сентябрь ойларида ўтказилган 89 очиқ тендер савдолари орқали 790 дан зиёд йўналиш очилди.
Ўтган даврда вилоят ҳокимликлари билан ҳамкорликда йўловчилар оқимини ўрганиш, йўловчи ташиш соҳасидаги мавжуд эҳтиёжларни аниқлаш, автокорхоналардаги автобусларни янгилашга амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилди. Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган ва лизинг асосида харид қилинган Isuzu русумли 243 янги автобус барча вилоятларда йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Бундай чора-тадбирлар самарасида янги иш ўринлари яратилиб, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ошди.
Тадбирда жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда йўловчи ташишни амалга оширадиган лицензияга эга автомобиллар сони 94 мингдан ошгани таъкидланди.
Изоҳ (0)