Жорий йилнинг 4—9 ноябрь кунлари республиканинг барча ҳудудларида умумий ўрта таълим мактаб ўқувчилари ўртасида «Умид ниҳоллари» спорт мусобақаларининг мактаб ва туман (шаҳар) босқичи бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Мусобақаларда 1—4-синф ўқувчилари спортнинг бешта тури бўйича, 5—9-синф ўқувчилари эса олтита тур бўйича ўзаро беллашади.
Маълумот учун, «Умид ниҳоллари» спорт мусобақалариниг мактаб ва туман (шаҳар) босқичлари ўқувчиларнинг кузги таътил кунларида ўтказилади. Бу эса уларнинг бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ташкил этиш имконини беради.
Шунингдек, кузги таътил кунларида ўқувчи-ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун умумий ўрта таълим мактаблари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, спорт мажмуаларидаги тўгараклар ва сексиялар, сузиш ҳавзалари тўлақонли фаолият кўрсатади. Бугунги кунда республикада уларнинг сони 65 423 тани ташкил қилиб, спорт тўгаракларида 1 миллион 637 минг 943 нафар ўқувчи спорт билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Спорт тўгаракларида қатнашиш 16 ёшгача бўлган болалар учун бепулдир.
Изоҳ (0)