Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг 2014 йил тўққиз ойлик фаолияти якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фонднинг республика бошқаруви ва ҳудудий бўлимлари мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Таъкидланганидек, фонд тузилмалари томонидан «Соғлом бола йили» Давлат дастури ҳамда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди иш режасида белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида жами 11 миллиард 465 миллион сўм маблағ сарфланди.
Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини тушунтириш борасида жойларда семинарлар, Президент асарлари ва маърузаларининг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Маҳаллаларда диний экстремизм ва ақидапарастликнинг турли кўринишларига барҳам беришга қаратилган туркум тадбирлар ўтказилди. «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида» ва «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг аҳамиятини тушунтириш бўйича тарғибот ишлари олиб борилди.
Ёшларда юксак маънавий фазилатларни шакллантириш мақсадида маҳаллаларда «Ота-оналар мактаби» ўқув машғулотлари кенг йўлга қўйилиб, таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, психологлар, дин арбоблари иштирокида суҳбатлар ташкил этилди. Маҳаллаларда 34 мингдан ортиқ маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, хусусий тадбиркорлик, оилавий бизнесни ташкил этиш ва уларда 112 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилишида кўмаклашилди.
Йиғилишда тизимда эришилган ижобий натижалар билан бирга, мавжуд камчиликлар ҳам муҳокама этилди. Уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Изоҳ (0)