Андижон вилояти Олтинкўл туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг «Ҳуқуқ» газетаси.
Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишдан бўйин товлаб, назорат қилинмайдиган даромад олиш мақсадида маҳалласида жойлашган эски бинода яширин цех ташкил этиб, қўлбола усулда чигитдан пахта ёғи ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган «тадбиркор»нинг «ишхона»сидан мойжувоз дастгоҳи, 1300 килограмм чигит, 770 килограмм кунжара, 450 литр пахта ёғи ва бошқа асбоб-ускуналар топилиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Мутахассислар томонидан берилган хулосага кўра, олтинкўллик «тадбиркор» томонидан ишлаб чиқарилган пахта ёғи истеъмол учун яроқсизлиги, истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди.
Юқоридаги ҳолат бўйича олтинкўллик шахс суднинг қонуний ҳукмига кўра жавобгарликка тортилди.
Изоҳ (0)