Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасида қарийб бир ҳафта давомида Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин эгаллаган спорт турлари бўйича Республика федерацияларининг раҳбарлари, терма жамоалар бош мураббийлари иштирокида 2014 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида терма жамоаларнинг халқаро майдонлардаги иштироклари ҳамда спортнинг ушбу турини Ўзбекистонда янада оммавийлигини ошириш юзасидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти Мираброр Усманов раислигида бўлиб ўтган йиғилишларда дастлаб федерациялар раҳбарлари ва бош мураббийларнинг ҳисоботлари ҳамда истиқболдаги режалари тингланди.
Таъкидланганидек, қатор спорт турлари бўйича федерацияларнинг моддий-техник базаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилди. Шу билан бирга спортнинг бир неча турлари бўйича мураббий ва ҳакамлар учун ўқув-амалий семинарлар ташкил этилди.
Бундан ташқари эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати, шунингдек, қатор спорт турлари бўйича қитъа чемпионатлари ва нуфузли халқаро турнирлар юқори савияда ташкил этилди.
Ўтган тўққиз ой давомида олимпия спорт турлари бўйича 272 та Республика миқёсидаги мусобақалар ва 27 маротаба ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилган. Бундан ташқари 177 та халқаро мусобақаларда ҳамда 44 бор ташкил этилган халқаро ўқув-машғулот йиғинларида жами 1598 нафар (шундан 506 нафари хотин-қизлар) спортчи иштирок этиб, 186 та олтин, 200 та кумуш ва 239 та бронза, жами 625 та медаль қўлга киритилган.
Йиғилишда асосий эътибор Ўзбекистон делегациясининг Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган XVII ёзги Осиё ўйинларидаги иштирокларига қаратилди.
Тадбирда, шунингдек, 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган ХXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун ўтказиладиган мусобақаларга Ўзбекистон терма жамоаларини муносиб тайёрлаш борасида ҳам вазифалар белгилаб олинди.
Изоҳ (0)