Пойтахтдаги «Қорақамиш деҳқон бозори» ҳудудида давлат солиқ инспектори лавозимида иш бошлаган шахс мўмай даромад топиш ва бойлик орттиришни мақсад қилиб, эгаллаб турган лавозимидан ғаразли мақсадларда фойдаланишга ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг «Ҳуқуқ» газетаси хабар бермоқда.
Солиқ инспектори мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, «Қорақамиш деҳқон бозори» МЧЖ маъмурияти ҳамда бозор ҳудудида фаолият юритувчи хўжалик субъектлари раҳбарлари ва савдо қилувчи фуқароларга Давлат солиқ қўмитаси тизимларида хизмат қилмайдиган кишини гўё ўзи билан бирга хизмат қилувчи «солиқ» ходими деб таништиради. Унинг бу ёлғонлари етмаганидек, ўзининг мансаб вазифаларини бажаришни ҳам унинг зиммасига юклайди.
Шу тариқа «солиқ» ходими «Қорақамиш деҳқон бозори» МЧЖнинг «Тансиқбоев» шохобчаси ҳудудида гўшт маҳсулотлари сотаётган тадбиркорларни эркин ва тўлиқ фаолият кўрсатишларига тўсқинлик қилиб, турли найранглар билан улардан пул ундирмоқчи бўлди. Сохта ходим товламачилик йўллари билан уларнинг маҳсулотларини сифатсиз деб кўрсатиб, маълумотнома тузди ва уларнинг савдо фаолиятини тўхтатиб қўйди.
Шунингдек, у турли дўқ-пўписалар билан бу ерда савдо қилаётган тадбиркорларни жиноят иши қўзғатиш билан қўрқитади. Бу кимса ўз раҳнамоси билан ҳамкорликда 2012 йилнинг март ва апрель ойларида бир сотувчидан жами 270 минг сўм нақд пул ва 140 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини, апрель ва май ойларида эса бошқа бир тадбиркордан жами 265 минг сўм миқдоридаги озиқ-овқат маҳсулотларини олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Сохта ходим бу каби найрангларни бозордаги бошқа тадбиркорларга нисбатан ҳам бир неча бор қўллаб, уларга турли миқдорда моддий зарар етказгани маълум бўлди. Бу ишларга бош-қош бўлиб турган солиқ инспектори эса ҳар куни кечқурун унинг кундалик йиғиб-терганини тақсимлар эди.
Орадан олти ой ўтиб, бозор ҳудудидаги сотувчиларнинг сабр косалари тўлади. Улардан бир гуруҳи бозордаги аҳвол ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилади. Бир неча кунлик текширишлар, кузатувлардан сўнг сохта ходим «иш» устида қўлга олинди. Унинг «соябон»и ҳам қонун олдида бош эгишдан бошқа чора топа олмади. Уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди Жиноят кодексининг тегишли моддаларини қўллаб, ҳуқуқбузарларга қилмишига яраша жазо тайинлади.
Изоҳ (0)