Ўзбекистонда 2014 йилнинг тўққиз ойида 141 корхонада молиявий соғломлаштириш тадбирларини амалга ошириш учун «Йўл хариталари» доирасида қиймати 558 миллиард сўм миқдоридаги инвестициялар, жумладан, банкларнинг 360,6 миллиард сўмлик кредитлари жалб қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Амалга оширилган тадбирлар натижасида 119 корхона зарар кўришдан чиқарилди ва улар 139,2 миллиард сўм даромад олди, 2300 дан зиёд янги иш ўрни ташкил этилди ва қайта тикланди. Қайта ташкил этилаётган корхоналарда жами қиймати 4,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва хизматлар кўрсатилди, шунингдек, қиймати 192,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини оптималлаштириш ҳамда улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида майдони 539,5 минг квадрат метрдан иборат бўш турган 330 объект ва 216 гектардан зиёд фойдаланилмаётган ер участкаларини янги мулкдорларга сотиш ишлари бошланди.
Тармоқлар рақобатбардошлигини юксалтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида жорий йил бошидан буён йирик корхоналарда қиймати 184,5 миллион долларга тенг 2770 маънавий ва жисмоний эскирган ускуна алмаштирилди. Ишлаб чиқариш жараёнини оқилона ташкил этиш, корхоналарни технологик янгилаш, хомашё ва материаллар сарфини камайтириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида шу йилнинг тўққиз ойида йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархи ўртача 9,2 фоизга камайтирилди, саноатда иш унумдорлиги 6,6 фоизга оширилди.
Изоҳ (0)