Фарғона вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Ўн саккиз ёшгача бўлган ўғил-қизларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослашган вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази ўтган йили замонавий бинога кўчиб ўтди. Марказ фаолияти кенгайиб, жарроҳлик, реанимация, ортопедия, пульманология, гастроэнтерология, кардиоревматология, неврология бўлимлари қаторига офталмология ва урология бўлимлари ҳам қўшилди.
«Жорий йилда марказда янги даволаш корпусининг қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. Бунинг учун 2 миллиард 700 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарф этилмоқда. Германиянинг KFW банки билан ҳамкорликдаги дастурга асосан марказ энг сўнгги замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланмоқда», — деди марказ бош шифокори А. Абдураззоқов.
Марказ ташаббуси билан жойларда ташкил этилаётган соғломлаштириш ҳафталикларида энг чекка қишлоқлар ёшлари, кам таъминланган оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)