АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Майкл Макфол дипломатик ишини тўхтатганига қарамай, уни россиялик махсус хизматлар кузатаётганлигини гумон қилмоқда. Ўзининг бундай гумонларини Майкл Макфол Чикаго университетидаги чиқишларидан бирида маълум қилди. Бу ҳақда The New York Times нашрига таяниб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
Макфолнинг сўзларига кўра, россиялик жосуслар нафақат элчининг, балки аёлининг ҳам телефон суҳбатларини ушлаб олиш билан шуғулланмоқда. Макфол мазкур гумонлар яқинда ўз исботини топганини маълум қилди: MomsRising нотижорат ташкилотида фаолият юритувчи Макфолнинг аёли қўл телефонига унинг раҳбари қўнғироқ қилганида, кимдир рус тилида жавоб берган.
«Улар эътиборсизликка йўл қўйганми? Ёки бу огоҳлантирувчи белги бўлиб, бу билан улар ‘Сени Пало-Альтода эканлигингни биламиз ва биз ҳамон ёнингдамиз’, демоқчи бўлганми?» — деб қайд этди дипломат.
АҚШда Россия бўйича кучли мутахассислардан бири бўлган Майкл Маклоф 2012 йилда Американинг Москвадаги элчиси этиб тайинланган эди. У мазкур лавозимни Сочи Олимпиадасидан сўнг, 2014 йил февраль ойида тарк этиб, Калифорниядаги Пало-Альто шаҳрига қайтди. Собиқ элчи айни дамда шу шаҳардаги Стендфорд университетида дарс беради.
The New York Times'да қайд этилишича, Майкл Макфол Москвада фаолият олиб борган вақтида Россия махсус хизматлари томонидан доимий равишда кузатиб борилган.
Изоҳ (0)