Буркина-Фасо қуролли кучлари қўмондони генерал Оноре Траоре ўзини давлат раҳбари деб эълон қилди, дея хабар бермоқда «Кун» Reuters ахборот агентлигига таяниб. Бу 31 октябрь, жума куни мамлакат президенти Блез Компаоре ўз истеъфосини эълон қилганидан сўнг содир бўлган.
Компаоре ўз баёнотида 90 кундан кечиктирмай мамлакатда «эркин ва шаффоф» президентлик сайловлари ўтказилишини маълум қилганди. Ахборот агентлигининг дипломатик доиралардаги икки манбаси ва маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Компаоре қуролли соқчилар ҳамроҳлигида Ганага йўл олган.
30 октябрь куни Буркина-Фасодаги намойишчилар мамлакат парламенти биносини эгаллаб олганди. Шундан сўнг президент Компаоре ҳукуматни тарқатиб юбориб, мамлакатда фавқулодда ҳолат режимини жорий этганди. Худди шу куни генерал Оноре Траоре Миллий ассамблея тарқатиб юборилишини ва фаолияти бир йилдан ошмайдиган ўтиш даври ҳукумати шакллантирилишини маълум қилганди.
Буркина-Фасо пойтахти Уагадугудаги оммавий норозилик намойишлари 28 октябрь, сешанба куни бошланди. Аҳоли ҳокимият тепасида 1987 йилдан бери ўтирган президент Компаоренинг ваколат муддатларини узайтиришга нисбатан норозилик билдириб, кўчаларга чиқди.
Изоҳ (0)