Ўзбекистонлик ҳужумчи Баҳодир Насимов куни кеча Эроннинг «Падиде» клуби билан бир йиллик шартнома имзолади. Бу ҳақда Persianfootball.com сайтига таяниб, Stadion.uz хабар бермоқда.
Самарқандлик 27 ёшли ҳужумчи ёзга қадар Эрон Про-лигасида Машҳад шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган клуб сафида тўп суради. Насимов форс клуби таркибига эркин агент сифатида ўтди.
Бунгача Бокунинг «Нефтчи» клуби сафида тўрт йил ўйнаб, 40 га яқин гол муаллифига айланди. Бироқ 2014 йилнинг ёзида бокуликлар Насимов билан шартномани узайтиришни истамади.
Баҳодир Насимов футболчилик фаолиятини Самарқанднинг «Динамо» клубида бошлаган. Кейинчалик «Бунёдкор» сафида Ҳамдўстлик кубогида иштирок этди ва шундан сўнг, Қозоннинг «Рубин» клуби сафига ўтди.
Изоҳ (0)