2014 йил 29 октябрь куни Daewoo International компаниясининг Бош ижроия раҳбари Чонг Бёнг Ил бошчилигидаги директорлар кенгаши расмий ташриф билан Daewoo Textile Fergana МЧЖга келди. Бу ҳақда UzDaily.uz хабар бермоқда.
Таркибида компания президенти ўринбосари Чой Чонг Ву, шунингдек, дивизия ва хориждаги филиалларни назорат қилиш бўйича директор Жонг Ки Соп ҳам бўлган делегациянинг Ўзбекистонга ташрифидан асосий мақсад Daewoo Textile Fergana ҳамда Daewoo Textile Bukhara компаниялари фаолияти билан танишишдир. Шунингдек, меҳмонлар ташриф доирасида мазкур компанияларга кейинчалик сармоя киритиш учун йўналишларни аниқлаб олишни режалаштирган.
Фахрий меҳмонлар Daewoo Textile Fergana МЧЖ ходимлари ҳамда туман ҳокимияти вакиллари томонидан кутиб олингач, Daewoo International компаниясининг Бош ижроия раҳбари Чонг Бёнг Ил фахрий меҳмонлар китобига эсдаликнома ёзиб қолдирди.
Шундан сўнг, директорлар кенгаши Daewoo Textile Fergana компанияси раҳбарияти билан музокаралар олиб борди. Учрашув давомида компания президенти меҳмонларни корхона фаолияти, тараққиёт кўрсаткичлари ва сармоя лойиҳалари доирасида эришилган натижалар билан таништирди.
Музокаралардан сўнг, делегация Daewoo Textile Fergana президенти бошчилигида Фарғонадаги ип йигирув фабрикасига ташриф буюриб, бу ердаги ишлаб чиқариш жараёни ва фабрика маҳсулотлари билан танишди. Бундан ташқари, меҳмонлар Daewoo Textile Fergana МЧЖ музейига ҳам ташриф буюрди. Музейда Корея делегацияси аъзоларига фабрика тарихига оид маълумотлар берилди.
Делегация, шунингдек, Қумтепадаги тўқимачилик фабрикасига ташриф буюриб, цехларда олиб борилаётган мато тайёрлаш жараёнларини кузатди.
Расмий ташриф сўнгида Чонг Бёнг Ил барча ходимларга илиқ қабул учун миннатдорлик билдириб, компанияга улкан зафарлар тилади.
Изоҳ (0)