Ўзбекистон Республикаси Президенти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси раиси Ислом Каримов 29 октябрь куни Урганч шаҳрида бўлиб ўтган «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат қилди. Президент мурожаати Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида эълон қилинди.
Ислом Каримов Орол денгизининг бир авлод кўз ўнгида батамом йўқ бўлиб кетиш хавфи остида тургани Оролбўйида яшаётган аҳоли ҳаётига, бу ердаги экотизим ва биохилма-хилликка ўнглаб бўлмайдиган даражада зарар етказаётганини қайд этди.
«Амударё ва Сирдарёнинг Оролга умумий қуйилиш ҳажми кейинги 50 йил ичида қарийб беш баробар, Орол денгизининг суви 14 баробардан кўпроқ камайди, унинг шўрланиш даражаси эса деярли 25 марта ортди. Бу Орол денгизида илгари бўлган балиқ ва бошқа денгиз мавжудотларининг деярли буткул йўқолишига олиб келди.
Яқин-яқинларгача ўзининг улкан биохилма-хиллиги билан машҳур бўлган Оролбўйи минтақасида ўсимликлар ва ёввойи ҳайвонлар тури кескин камайиб бормоқда, жумладан, сут эмизувчиларнинг 12, қушларнинг 26 ва ўсимликларнинг 11 тури буткул йўқ бўлиш хавфи остида турибди. Оролнинг қуриган қисми ўрнида ҳосил бўлган 5,5 миллион гектардан ортиқ майдондаги янги Оролқум саҳроси тобора бутун Оролбўйи минтақасига ёйилмоқда. Бу ердан ҳар йили атмосферага қарийб 100 миллион тонна чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, қум бўронлари ва кучли шамоллар билан мазкур ҳудуддан анча олис бўлган минтақаларга ҳам тарқалмоқда», — дейилади мурожаатда.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Орол денгизининг қуриши бутун Марказий Осиёда кескин иқлим ўзгаришига олиб келган. Хусусан, мазкур табиий инқироз сув ресурслари тақчиллиги, мавсумий қурғоқчиликнинг кучайиши, қаҳратон қишнинг узоқ давом этиши, Помир ва Тянь-Шань тоғлари музликлари эришининг тезлашиши ва минтақа мамлакатларида қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланиш шароитларининг ёмонлашишига сабаб бўлган.
Изоҳ (0)