Ўзбекистон Республикаси Президенти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси раиси Ислом Каримов 29 октябрь куни Урганч шаҳрида бўлиб ўтган «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат қилди. Президент мурожаати Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида эълон қилинди.
«‘Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш’ халқаро конференциясида иштирок этаётган Оролни қутқариш халқаро жамғармасига аъзо давлатлар делегацияларини, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, донор мамлакатлар ҳукуматлари, экология ташкилотлари, дипломатик корпус вакилларини, таниқли олим ва экспертларни қутлаш менга катта мамнуният бағишлайди.
Мазкур форум Марказий Осиё минтақаси учун энг мураккаб муаммолардан бири — Орол денгизининг экологик ҳалокати ва ушбу офат оқибатида юзага келган аҳоли генофонди ва саломатлиги, турмуш шароити ва даражаси, Оролбўйининг ўсимлик ва ҳайвонот олами билан боғлиқ ўткир муаммоларни кўриб чиқишга бағишланган», — дейилади Президент мурожаатида.
Ислом Каримов қайд этганидек, яқин-яқин вақтларгача Оролбўйи сув ҳавзаларида йилига 35 минг тоннагача балиқ овланар, Амударё ва Сирдарё делталаридаги унумдор ерлар, юқори самарали яйлов ва сув ҳавзалари миллионлаб одамларнинг чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида иш билан бандлигини таъминлар эди.
«Бироқ минтақадаги йирик дарёларда ўйламасдан улкан гидротехник иншоотлар қурилгани, трансчегаравий дарёлар ҳисобланган Амударё ва Сирдарёнинг табиий оқими нотўғри бошқарилиши энг янги тарихда Ер юзидаги ғоят оғир экологик ҳалокатлардан бирини юзага келтирди.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг Орол фожиасининг кучли таъсири остида қолган минтақалари аҳолиси ҳар куни сув ресурслари етишмаслиги, ичимлик суви сифатининг пасайиши ва тупроқ таркибининг бузилиши, иқлим ўзгариши, аҳоли, биринчи навбатда, болаларнинг турли касалликларга чалиниши кўпайиб бораётгани билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммоларни бошдан кечирмоқда», — деди Ислом Каримов.
Давлат раҳбари бугунги кунда Орол денгизини тўлиқ қайта тиклаш имкони йўқлиги тобора аён бўлиб бораётганини қайд эта туриб, Орол инқирозининг атроф-муҳит ва бу ерда яшаётган миллионлаб аҳоли ҳаётига ҳалокатли таъсирини, хусусан, пухта ўйланган, аниқ манзилли ва тегишли молиялаштириш манбалари билан таъминланган лойиҳаларни амалга ошириш орқали камайтириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси эканлигини таъкидлади.
«Бизнингча, бу борада асосий захиралар мавжуд бўлган қуйидаги йўналишларда тегишли тадбирларни амалга ошириш зарур:
биринчидан — бугунги кунда Оролбўйида юзага келган омонат экологик мувозанатни мустаҳкамлаш, чўлланишга қарши курашиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, улардан тежаб-тергаб, оқилона фойдаланиш;
иккинчидан — Оролбўйи аҳолисининг генофонди ва саломатлигини сақлаш ва таъминлаш учун шароит яратиш, ижтимоий инфратузилмани, тиббиёт ва таълим муассасалари тармоғини кенг ривожлантириш;
учинчидан — аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун зарур ижтимоий ва иқтисодий механизмлар ва рағбатлантирувчи омилларни яратиш, асосий инфратузилма ва коммуникацияларни ривожлантириш. Бу ерда яшаётган аҳолида тушкунлик кайфиятининг юзага келишига йўл қўйишга бизнинг ҳаққимиз йўқ ва уларга муносиб ҳаёт кечириши, ўз бизнесини ривожлантириши, уларни янги иш ўринлари ва даромад манбалари билан таъминлаш учун барча имкониятларни яратиб бериш зарур, десам, ўйлайманки, бу фикрга барчангиз қўшиласиз;
тўртинчидан – ҳайвонот ва ўсимлик олами биохилма-хиллигини, жумладан, кичик сув ҳавзалари яратиш орқали сақлаш ва қайта тиклаш, минтақанинг ноёб флора ва фаунасини асраб-авайлаш даркор.
Айни ушбу муҳим масалалар Ўзбекистон томонидан БМТнинг юксак минбаридан таклиф этилган ва БМТ Бош Ассамблеяси 68-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилган ‘Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйида экотизимлар ҳалокатининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури’да қайд этилган», — деб таъкидлади Президент.
Шунингдек, Ислом Каримов минтақа мамлакатлари Орол денгизи ҳалокатининг атроф-муҳит ва бу ерда яшаётган аҳоли ҳаёти ва фаолиятига етказаётган экологик, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар оқибатларини бартараф этиш учун етарлича маблағ ва моддий-техник имкониятларга эга эмаслигини қайд этди. «Шу боис Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа халқаро ташкилотлар ва ривожланиш бўйича ҳамкор давлатларнинг самарали амалий ёрдамисиз дунё миқёсидаги ушбу муаммони ҳал этиб бўлмайди.
Орол денгизи фожиасининг кенг кўлам касб этган оғир оқибатлари Оролбўйи аҳолиси, ушбу ҳудуднинг иқтисодиёти, ижтимоий соҳа ва атроф-муҳитига таҳдид солаётган кўплаб хавф-хатарларни самарали бартараф этишга қаратилган янги, кенг қамровли ёрдам дастурини ишлаб чиқишни талаб этади.
Оролбўйи минтақасига ёрдам кўрсатиш бўйича бундай комплекс дастурни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда, аввало, халқаро ташкилотлар — БМТ, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби молия институтлари ва нуфузли халқаро экология ташкилотлари ҳал қилувчи ўрин тутиши керак. Бу мазкур дастурни ҳаётга татбиқ этишга нафақат халқаро ташкилотлар ва молия институтлари ресурслари, балки бизга дўст ва ҳамкор мамлакатлар имкониятларини ҳам жалб этишга кўмак беради», — дейилади давлат раҳбари мурожаатида.
Қайд этилганидек, ҳозирда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига аъзо бўлган деярли барча мамлакатлар Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби сувни тежаш, Оролбўйини қайта тиклаш ва ривожлантириш бўйича миллий дастурларни амалга оширмоқда: «Сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш принциплари, сувни тежайдиган замонавий технологиялар кенг жорий қилинмоқда, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилишга доир ва бошқа кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Оролбўйида аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, турар-жой, ижтимоий ва транспорт-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ жойларда замонавий уй-жойлар, умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежлари, врачлик пунктлари барпо этиш, автомобиль йўллари қуриш ва реконструкция қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга оид дастурлар амалга оширилмоқда».
Ислом Каримов Оролбўйи ва унинг аҳолиси тақдиридан ташвишга тушаётган давлатлар, БМТ тузилмалари, халқаро молия ва экология ташкилотларининг аниқ мақсадли, кўп қиррали ва тизимли ўзаро ҳамкорлиги Оролбўйи минтақасининг энг кескин муаммоларини ҳал этишга қаратилган амалий дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш имконини беришига ишонч билдирди.
Президент Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларини чуқур тушуниб, Оролбўйи экотизимини қутқариш ишига қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун конференция иштирокчиларининг барчасига самимий миннатдорлик изҳор этди.
«Конференция иши самарали бўлишини, унинг барча иштирокчиларига эса сиҳат-саломатлик, олижаноб фаолиятида улкан муваффақиятлар тилайман», — дея Ислом Каримов ўз фикрига якун ясади.
Изоҳ (0)