НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг 28 октябрь, сешанба куни Брюсселда берган баёнотига кўра, Шимолий Атлантика альянси, зарурият туғилса, ҳарбий куч ишлатишга тайёр туриши лозим. Бу ҳақда «Интерфакс-Украина» ахборотига таяниб, «Европейская правда» хабар бермоқда.
Йенс Столтенберг НАТОнинг ҳарбий куч ишлатишга тайёр туриши кераклигини қайд этар экан, Россия Федерациясини Украинадаги тангликка сабаб бўлаётган ҳаракатларини тўхтатишга чақирди. У ўз нутқида НАТОнинг асосий мажбурияти альянсга аъзо мамлакатларнинг хавфсизлигини таъминлаш эканлигини таъкидлади.
Столтенберг НАТОнинг Бухарестдаги саммитидаёқ Грузия ва Украина альянс аъзосига айланиши ҳақида қарор қабул қилингани, бироқ Украина ҳозиргача аъзо бўлиш учун ариза топширмаганини қайд этди. «Ҳар бир мамлакат аъзо бўлиш-бўлмасликни ўзи ҳал қилади. Украина бу ҳақда (аъзо бўлиш борасида) қарор қабул қилмади, шу боис бу масала кун тартибига қўйилмаган», — дея Бош котиб Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши масаласи ҳозирча кўриб чиқилмаслигини айтди.
Йенс Столтенберг ўз нутқида НАТО очиқ эшиклар сиёсатини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, ҳозирда альянс Европа ва Шимолий Американинг бир миллиардга яқин аҳолисини ҳимоя қилаётганини алоҳида қайд этди.
Изоҳ (0)