Италия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари 28 октябрь, сешанба куни мамлакатнинг Калабрия ҳудудидан бўлган Ндрангета номли кучли мафия ташкилотига қарши кураш операциясини ўтказди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Мафияга қарши кураш бўйича Милан прокуратурасининг маълум қилишича, 28 октябрь куни тонгда полициячилар томонидан Ломбардия ва Калабрия ҳудудида 13 киши қўлга олиниб, уларга кўплаб оғир жиноятлар, хусусан, ташкиллаштирилган жиноят, молиявий фирибгарлик, қуролларни ноқонуний олиб юриш, шантаж сингари жиноятларни амалга оширганлик айблови қўйилди.
Ндрангета ташкилот аъзолари 2015 йил 1 майдан 31 октябрга қадар Миланда ўтказиладиган «Экспо-2015» бутунжаҳон кўргазмаси объектлари қурилишида фаол иштирок этмоқда.
«Экспо-2015» бутунжаҳон кўргазмаси ҳозирга қадар бир неча йирик коррупциявий жанжалга сабаб бўлди. Жумладан, май ойида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мазкур йирик лойиҳа раҳбарларидан бири бўлган «Экспо-2015» харажатлари ва кўргазмани режалаштириш директори Анжело Парисни қўлга олди. Сентябрда эса бутунжаҳон кўргазмасини тайёрлаш ва ўтказиш нозири ўринбосари Антони Ачербо ҳам ҳибсга олинди. У «Экспо-2015»да Италия павильонларини қуришга масъул бўлган.
Маълумот учун, ҳозирга қадар дунёнинг 147 мамлакати «Сайёрани озиқлантириш. Ҳаёт учун қувват» шиори остида ўтказиладиган мазкур кўргазмада иштирок этиш истагини билдирган. Тадбирга 20 миллиондан зиёд киши ташриф буюриши кутилмоқда.
Изоҳ (0)