24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Мажлис янги таҳрирдаги «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан бошланди. Қонун лойиҳасининг барча моддаларини ҳар томонлама муҳокама этиш чоғида мазкур ҳужжатни янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилди. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.
Шундан сўнг депутатлар «‘Банкротлик тўғрисида’ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди. Депутатлар моддама-модда муҳокама қилиш чоғида билдирилган фикрларни инобатга олган ҳолда юқорида кўрсатиб ўтилган қонун лойиҳаларини узил-кесил таҳрирда қабул қилиш учун тайёрлаб, маромига етказиш мақсадида масъул қўмитага топширди.
Мажлис кун тартибига биринчи ўқишда иккита янги қонун лойиҳаси киритилди. Депутатлар «Мамлакатда инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитининг янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига катта эътибор қаратди.
Қонун лойиҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомиллари мураккаблашувини ҳамда тадбиркорлик субъектларининг зиммасига янги мажбурият ва жавобгарлик юкланишини назарда тутувчи қонун ҳужжатлари улар расман эълон этилган кундан бошлаб уч ойдан кам бўлмаган муддатда кучга кириши белгилаб қўйилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 15 апрелда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тадбиркорликни ривожлантиришга, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган яна бир муҳим ҳужжатдир. Жумладан, ушбу қонун лойиҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар бериш механизмларини янада такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Депутатлар муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда ушбу қонун ҳужжатларининг асосий қоидаларини маъқуллади ва уларни биринчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжатларни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш масъул қўмиталарга топширилди.
Изоҳ (0)