Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов барча пахтакорлар ва меҳнаткашларни Давлат пахта режаси бажарилгани билан табриклади. Табрик матни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида эълон қилинди.
«Сиз, азизларни шу кунларда ўта машаққатли, шу билан бирга, шарафли меҳнатингиз эвазига 3 миллион 400 минг тоннадан зиёд юксак пахта хирмони бунёд этиб, шартнома мажбуриятингизни адо этганингиз билан самимий табриклашдан, чин қалбимдан ҳурмат ва эҳтиромимни билдиришдан бахтиёрман», — деди Давлат раҳбари.
Ислом Каримов пахта ўстиришнинг бу йилги баҳор фаслида ҳаво ҳароратининг одатдагидан нисбатан паст бўлгани, чигитнинг униб чиқиши 8—10 кунга кечиккани, айрим ҳудудларда ғўзани сел ва дўл уриб кетгани, турли касаллик ва зараркунандалар кўпайгани, ёздаги сув танқислиги, кузнинг анча эрта ва салқин келгани деҳқон ва фермерлар учун жиддий қийинчиликлар туғдирганини алоҳида қайд этиб, ўзининг самимий табригини изҳор этди: «Бугунги юксак хирмонни бунёд этишда ўзини аямасдан, жонбозлик кўрсатиб, айтиш мумкинки, қаҳрамонона меҳнат қилган фермер ва деҳқонларимизга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан миннатдорчилик изҳор этиб, уларга таҳсин ва тасаннолар билдиришни ҳам қарз, ҳам фарз, деб ҳисоблайман».
Ўзбекистон Президенти ўз табригида республика пахта хирмонининг қарийб 90 фоизи юқори сортларга топширилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
«Мана шу қувончли айёмда ўз шартнома мажбуриятларини биринчилардан бўлиб адо этган Андижон вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Хоразм, Бухоро вилоятлари, барча вилоятларимиз меҳнаткашлари мамлакатимизнинг юксак пахта хирмонига муносиб ҳисса қўшганини миннатдорлик билан таъкидлашни истардим», — дейилади Президент қутловида.
«Шулар қаторида фидокорона меҳнат қилиб, катта ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлган фермер ва деҳқонларимизга, Ватанимизнинг улкан хирмонига муносиб ҳисса қўшган барча-барча инсонларга ‘Балли сизга, азизларим!’ деб, уларни чин қалбдан табриклаш менга катта хурсандчилик бағишлайди», — деди Ислом Каримов.
«Мана шундай хурсандчилик кунларда барчангизни мамлакатимиз тараққиёти йўлида қўлга киритилган катта меҳнат ғалабаси билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман», — дейилади табрик сўнгида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон пахтакорлари ва меҳнаткашлари бу мавсумда 3,4 миллиондан зиёд хирмон кўтарди.
Изоҳ (0)