Покистоннинг The Dispatch News Desk (DND) нашри Самарқанд вилояти Иштихон туманидан топилган XVI асрга оид ҳинд тангалари хазинаси бўйича ўз версиясини тақдим этди, деб хабар бермоқда 12news.uz.
Топилган 206 танганинг барчаси 1573− 1600 йиллар орасига, яъни Бобурнинг невараси, Ҳумоюннинг ўғли Шоҳ Акбарнинг 49 йил давом этган ҳукмронлик даврига тегишли эканлиги аниқланган.
Ўзбек олимлари Лаҳор ва Деҳлида ички бозор учун зарб этилган мис тангаларнинг Ўзбекистон ҳудудида қандай келиб қолгани ҳақида аниқ фикр билдириш мушкуллигини таъкидлаб, уларни Ҳиндистонга борган сайёҳлардан бири олиб келгани ва алмаштиришга улгурмай қолганини тахмин қилган.
Покистон нашри эса ҳозирда Покистон ҳудудида жойлашган, тарихда Акбар давлатининг потахти бўлган Лаҳорда зарб этилган тангалар эски Лаҳорнинг қурилишида муҳим рол ўйнаган Самарқанд ва Бухородан келган муҳандислар, меъморлар ва бошқа қурилиш мутахассислари орқали ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига бориб қолган, деган фикрни илгари сурмоқда.
Изоҳ (0)