16 октябрь куни бўлиб ўтган Apple тақдимотида янги Apple iPad Air 2 планшети расман тақдим этилди. Бу ҳақда Phonearena.com маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Ушбу планшет 6,1 мм қалинликка эга ва шу боис у «Дунёнинг энг ингичка планшети» номини олди. Эслатиб ўтамиз, ундан олдинги iPad Air планшети 7,5 мм қалинликда эди. Шунингдек, янги iPad планшети 435 грамм оғирликда, ундан олдингиси эса 454 грамм оғирликка эга бўлган.
iPad Air 2 планшети худди аввалгиси каби 9,7 дюймли дисплейли, бироқ унинг дисплейи тўлиқ ламинатланган. Янги планшетда TouchID — бармоқ изи сенсори ўрнатилган.
iPad Air 2’да 64 битли, 3 миллиард транзисторга эга Apple А8Х процессори ўрнатилган. iPad Air’да эса 1 миллиард транзисторга эга Apple А7 процессори ўрнатилган эди. iPhone 6 смартфонларидаги Apple А8 процессори эса 2 миллиард транзисторга эга. iPad Air 2 планшетининг процессори ундан олдингисидан 40 фоиз, видео картаси эса 2,5 баробар тез ишлайди.
Янги Apple планшетида Slow Motion — секинлаштирилган тасвир олиш функцияси билан 8 мегапикселли камера ўрнатилган, ундан олдингиси эса 5 мегапикселли камерага эга эди. Бу камера ёрдамида FullHD видео тасвирга олиш мумкин. Шунингдек, планшетнинг олд камераси 1,2 мегапикселли.
iPad Air 2 планшети аввалгисидан икки баробар тезроқ ишлайдиган Wi-Fi’га эга, унинг юклаб олиш тезлиги сониясига 866 мегабитни ташкил этади. 4G LTE модулида интернетнинг юклаш тезлиги эса сониясига 150 мегабитни ташкил этади. iPad Air 2 планшети ингичка бўлишига қарамасдан, батареясининг қуввати 10 соатга етади.
Янги iPad планшетини 17 октябрдан бошлаб буюртма қилиш, 24 октябрдан эса сотиб олиш мумкин. Қуйида унинг нархлари билан танишинг:
- 16 Гб хотирали iPad Air 2 Wi-Fi / LTE — 499 доллар / 629 доллар;
- 64 Гб хотирали iPad Air 2 Wi-Fi / LTE — 599 доллар / 729 доллар;
- 128 Гб хотирали iPad Air 2 Wi-Fi / LTE — 699 доллар / 829 доллар.
Изоҳ (0)