Техаслик иккинчи тиббиёт ходими Эбола безгаги билан касалланди. Вирус билан зарарланган америкалик Томас Эрик Дункан вафот этган касалхона ходимида вируснинг борлигини аниқловчи тест ижобий натижа кўрсатди, деб хабар бермоқда Agence France-Presse.
Штат соғлиқни сақлаш департаментининг маълум қилишича, касаллик аломатлари шифохона ходимида 14 октябрь, сешанба куни пайдо бўлди. Департамент вакиллари у сўнгги пайтларда қайси беморлар билан алоқада бўлганини аниқлади ва уларни назорат остига олди.
Техас клиникасида вирус юқтириб олган биринчи тиббиёт ходими ҳақида 12 октябрда маълум бўлган эди. У касалланган Дунканни парвариш қилган 26 ёшли ҳамшира Нина Фэм бўлиб чиқди. Ҳозирги пайтда у Далласдаги шифохоналарнинг бирида даволанмоқда. Шифокорлар унинг аҳволини ижобий баҳоламоқда.
8 октябрда Далласда 42 ёшли Томас Эрик Дункан вафот этди. У Эбола вирусини Либерияга опасини кўришга борган сафар давомида юқтириб олган.
Касалланиш ҳолатлари АҚШ ва Европа мамлакатларида ҳам аниқланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, жами 8,4 мингдан ортиқ киши касалланган, тўрт мингдан ортиқ киши вафот этган.
Изоҳ (0)