Ўзбекистон ва Австралия ёшлар терма жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Равшан Ҳайдаров дастлабки вазифа бажарилганини таъкидлади, деб хабар бермоқда Uff.uz.
«Учрашувда дуранг қайд этиб бўлса ҳам, олдимизга қўйилган минимум вазифани бажардик», — деди Ҳайдаров ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.
Равшан Ҳайдаров, шунингдек, чорак финалда терма жамоа фақат ғалаба учун ўйнашини айтиб ўтди: «Бизнинг вазифамиз уч босқичдан иборат эди. Дастлабкисини уддаладик. Кейинги ўйинда эса ўртага жаҳон чемпионати йўлланмаси тикилган. Шундай экан, рақиб ким бўлишидан қатъий назар, фақат ғалаба учун ўйнаймиз. Бугунги учрашувда қўлга киритилган дуранг йигитларнинг ўзига бўлган ишончини янада орттирди, кучига куч қўшди. Таиланд билан ўйинга тайёргарлик ҳозирданоқ бошланди. Ўйин қадри жуда баланд, ахир, ким жаҳон чемпионатига боришни истамайди», — деди Ҳайдаров.
Эслатиб ўтамиз, U-19 ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати 3-турида Ўзбекистон Австралия билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади ва тўплар нисбатига кўра, гуруҳда иккинчи ўрин билан чорак финалга йўл олди. Чорак финалда эса «А» гуруҳи ғолиби — Таиланд терма жамоаси Ҳайдаров шогирдларига рақиблик қилади. Ушбу учрашув 17 октябрь куни Янгон шаҳрида ўтказилади.
Изоҳ (0)