Қозоғистонда ягона бўлган ўзбек театри – Чимкент шаҳридаги Жанубий Қозоғистон вилоят ўзбек драма театри ўз сайтини ишга туширди, деб хабар бермоқда Kun.uz.
Сайт ўз фаолиятини 1 октябрдан йўлга қўйган. Унда театрдаги сўнгги янгиликлар, театр афишаси, рэпертуари, актёрлар таркиби, шунингдек, театр тарихи ва унда қўйилган спектакллар галереяси билан танишиш мумкин. Сайт ўзбек ва қозоқ тилларида юритилади.
«Бу сайтни йўлга қўйишимиздан мақсад, замон билан ҳамнафас бўлган ҳолда, янги спектакллар, миллий ва замонавий концертлар, кундан кун ортиб бораётган янгиликлар ҳақида кенг оммага тезкор равишда маълумот беришдир», – дейилади сайт хабарида.
Маълумот учун, Жанубий Қозоғистон ўзбек драма театри ўзининг илк спектаклларини 2002 йилдан намойиш этишни бошлаган бўлиб, ҳозирги биносига 2003 йил октябрида кўчиб ўтган. Театр биноси очилишида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этган.
2014 йил сентябрида театр ўзининг 12-мавсумини очди. Театр сайтидаги хабарларга кўра, ноябрда ўзбекистонлик драматург Эркин Хушвақтовнинг «Қаллиқ ўйин» номли саҳна асари премьерасини ўтказиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)