Россия президенти Владимир Путин ноябрь ойида Австралиянинг Брисбен шаҳрида ўтказиладиган G20 (Катта йигирмалик) саммитида иштирок этади. Бу ҳақда мезбон мамлакат молия вазири Жо Хоки маълум қилди, деб хабар бермоқда «Сегодня».
«Мен кечагина Россия молия вазири билан гаплашдим. У ростдан ҳам Путин Брисбенга G20 етакчилари учрашувига келишини тасдиқлади», − деди Хоки. Унинг сўзларига кўра, Путиннинг саммитдаги иштироки ҳақидаги қарор G20 мамлакатлари вакиллари ўртасидаги консенсус асосида қабул қилинган. Шунингдек, Хоки Путинни Брисбенда узоқ суҳбатлар кутаётганини таъкидлаган.
Аввалроқ, Австралия ташқи ишлар вазири Жулия Бишоп G20 давлатлари вакиллари саммитда Путиннинг иштироки борасида бир тўхтамга келмаганини маълум қилган эди.
Маълумот учун, G20 (Катта йигирмалик) дунёнинг энг йирик 20 иқтисодиёти (19 давлат ва Европа Иттифоқи) ҳукуматлари ва марказий банклари раҳбарларининг форуми ҳисобланади. G20 давлатларининг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги умумий улуши 85 фоизни ташкил этади.
Изоҳ (0)