13 октябрь, душанба куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан 1941—1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони 1941—1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, тиббий ҳамда санаторий соғломлаштириш соҳасида хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш ҳисобига уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида имзоланди.
Унга кўра, 2015 йилдан бошлаб 1941—1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фахрийлари йилига бир марта ўзлари учун мақбул муддатларда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ҳамда республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг санаторий-соғломлаштириш муассасаларида бепул соғломлаштириш курсидан ўтиш ҳуқуқига эга бўлади. Уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторий- соғломлаштириш муассасаларига йўлланмалар қиймати эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2015 йил ва ундан кейинги йиллардаги Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида уруш ва меҳнат фронти фахрийларини соғломлаштиришга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун маблағлар ажратади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ва «Нуроний» жамғармасига бир ҳафта муддатда уруш ва меҳнат фронти фахрийларини соғломлаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланадиган Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига қарашли санаторий-соғломлаштириш муассасаларининг рўйхатини тузиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, улар санаторий-соғломлаштириш муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларда уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг бекаму кўст соғломлаштирилишини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўради.
Фармонда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши, ўз қарамоғида санаторий-соғломлаштириш муассасалари бўлган вазирликлар, идоралар, компаниялар, уюшмалар ва йирик корхоналар бир ой муддатда 1941—1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ўз қарамоғидаги санаторий-соғломлаштириш муассасаларида соғломлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқиб, тасдиқлайди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу Фармонга мувофиқ қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.
Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. М. Мирзиёев зиммасига юклатилди.
Изоҳ (0)