«Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг ягона режаси» ижроси бўйича Адлия вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия Вазирлигининг расмий сайти ахборотига асосланиб Xushnudbek.uz хабар бермоқда.
Матбуот анжуманида маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қонун ижодкорлиги соҳасида амалга ошираётган ишлари юзасидан журналистларга батафсил маълумот берилди.Хабарда таъкидланишича, ҳозирда адлия органлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 20 турдан ортиқ ҳужжатлари норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб келинмоқда. Бироқ тадбирда қайд этилганидек, ҳали айрим маҳаллий давлат ҳокимияти органларида бу борада бир қатор камчиликларга йўл қўйилаётганлиги аниқланмоқда.
Адлия органлари томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида қонун ҳужжатларини туркумлаш соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига 231 та тақдимнома киритилган бўлиб, ушбу тақдимномаларга асосан 310 та қонун ҳужжатларига зид равишда қабул қилинган қарорлар бекор қилинган ҳамда 67 нафар масъул ходимлар интизомий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, матбуот анжуманида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, уларни эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказиш, шунингдек норматив хусусиятга эга бўлган қарорлар лойиҳаларини адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг ҳуқуқий асослари, юридик хизматлар фаолиятини такомиллаштиришнинг зарурий талаблари юзасидан иштирокчиларга атрофлича маълумот берилди.
Изоҳ (0)