Президент Ислом Каримовнинг 2014 йил 8 октябрдаги фармойишига мувофиқ Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган XVII Осиё ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари пул мукофотлари билан тақдирланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
2014 йилнинг 19 сентябрь — 4 октябрь кунлари ўтказилган мусобақаларда Ўзбекистон спортчилари тўққиз олтин, 14 кумуш ва 21 бронза медални, жамоавий баҳслар ҳисобга олинганда жами 12 олтин, 14 кумуш ва 35 бронза медални қўлга киритди.
Пойтахтдаги «Олимпия шон-шуҳрати» музейида мазкур Осиё ўйинлари ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган маросимда мукофотлар ўз эгаларига топширилди.
Маросимда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Марс Қўчқоров, спортчилар Беҳзод Абдураҳмонов, Жамила Раҳматова, Жасур Бойқўзиев, Светлана Радзивил ва бошқалар Президент Ислом Каримовга Ўзбекистонда спортни ривожлантириш ва спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган доимий эътибори учун самимий миннатдорлик билдирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев сўзга чиқди.
Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинларининг якунларига кўра тўққизта олтин, 14 та кумуш ва 21 та бронза медалига сазовор бўлган Ўзбекистон делегацияси олтин медаллар сони бўйича умумжамоа ҳисобида 11-ўринни, медалларнинг умумий сони бўйича эса 9-ўринни эгаллади.
XVII ёзги Осиё ўйинларида совриндор бўлган ўзбекистонлик спортчилар рўйхати билан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ахборот хизматида танишишингиз мумкин.
Изоҳ (0)