Ўзбекистондаги барча сиёсий партиялар — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси амалдаги қонунчиликка биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатлар ва сайловчиларнинг сиёсий партияни сайловлардаги иштирокини қўллаб-қувватловчи имзо варақаларини тақдим қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳар бир партия сайловда уни қўллаб-қувватлайдиган сайловчиларнинг камида 40 мингта имзосини тўплаши зарур эди. Бунда Ўзбекистоннинг битта маъмурий-ҳудудий тузилмасида тўпланган имзолар сони талаб этилган имзолар сонининг саккиз фоизидан ошмаслиги белгиланган.
Бугунги кунда Марказий сайлов комиссиясида имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш бўйича ишчи гуруҳи ўз ишини давом эттирмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт криминалистик маркази ходими Элдор Кабиловнинг маълум қилишича, текшириш учун имзо варақалари танлаш йўли билан ажратиб олинмоқда.
«Сайловчилар имзолари ва сайлов варақаларига имзо қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар зарур миқдорининг камида 15 фоизи текширувдан ўтказилади. Ишчи гуруҳи ўз фаолиятини тугатганидан сўнг, Марказий сайлов комиссиясига ўз хулосасини беради», — деди Элдор Кабилов.
Марказий сайлов комиссияси тақдим қилинган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда қатнашишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади.
Изоҳ (0)