Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Обод қишлоғида яшовчи Бибинор Тағоева вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари бирлашмасига ариза билан мурожаат этган. У ўз аризасида «Қашқадарёавтотеххизмат» ОАЖ билан Damas автомашинасини харид қилиш учун шартнома тузгани ва 18 миллион 183 минг 200 сўм тўлагани, аммо машинани ҳалигача ололмаганини маълум қилган, деб хабар бермоқда «Қашқадарё» газетаси.
2014 йил февраль ойида «Қашқадарёавтотеххизмат» ОАЖ маъмурияти Б.Тағоева билан тузилган шартноманинг 3.2-бандини кўрсатиб, жавоб хати ёзган. Бу бандда машина 15 кунга кечикиши мумкинлиги ёзилган эди. Истеъмолчи яна кутди. Аммо ваъда қилинган муддат келганда ҳам натижа бўлавермагач, Б.Тағоева яна бирлашмага мурожаат қилди. Бирлашма истеъмолчининг қонуний манфаатларини кўзлаб, судга мурожаат қилди ва автомашина кечиктирилгани учун истеъмолчига маънавий зарар ундириб беришни сўради.
Суд автомашина етказиб бериш кечиктирилгани учун «Қашқадарёавтотеххизмат» ОАЖдан пеня ва маънавий зарар ундириш ҳақида қарор чиқарди.
Пеня ва маънавий зарар суммаси ҳақида маълумот берилмаган.
Изоҳ (0)