6 октябрь, душанба куни тонгда «Фанфон» тўфони шиддат билан Япония қирғоқларига келиб урилди. Табиий ҳодисанинг биринчи зарбаси Сидзуоке префектурасидаги Хамамацу шаҳрига берилди. Бу ҳақда Euronews хабар бермоқда.
Япония ҳукумати Сидзуоке билан бир вақтда Айти, Миэ, Яманаси, Тиба ва Канагава префектураларида истиқомат қилувчи аҳоли — жами икки миллион кишига бошқа жойга кўчишни тавсия этмоқда.
Тўфон кучли ёмғир ва тезлиги вақти-вақти билан сониясига 45 метргача етувчи шиддатли шамол билан давом этмоқда. соҳил бўйида тўлқинлар 11 метр баландликкача кўтарилмоқда.
Кучли ёмғир Япония пойтахти Токиода ҳам кузатилмоқда. Ҳукумат бу ерда сув тошқини ва ер ўпирилиши кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Пойтахт аэропортидан амалга ошириладиган 600 дан зиёд рейс бекор қилинди. Тезюрар темирйўл поездлари ҳаракати айрим ҳудудларда тўхтатилди.
Камида олти киши, шу жумладан, уч нафар америкалик ҳарбий мазкур табиий ҳодиса қурбонларига айланди. Бундан ташқари, тўфон натижасида 20 киши жабрланган.
Изоҳ (0)