Хитой жанубидаги Гуандун провинциясида денге безгаги билан касалланганлар сони 21 527 кишига етган ва олти киши ҳалок бўлган, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
Аввалроқ касалланганлар сони 18 минг, ҳалок бўлганлар 4 кишини ташкил этгани ҳақида хабар қилинган эди. Маҳаллий соғлиқни сақлаш департаменти ҳар куни мингдан ортиқ янги касалларни рўйхатдан ўтказяпти.
Юқори даражадаги ҳарорат ва намлик, шунингдек тропик пашшаларнинг ҳаддан ташқари кўплиги натижасида тарқаладиган эпидемияга қарши ишончли вакциналар ҳам, дорилар ҳам ҳали топилмаган. Тана ҳароратининг тўсатдан кўтарилиб, бош ва бўғинлардаги кучли оғриқлар билан бир ҳафта давом этадиган бу безгак билан йилига тропик ва субтропик ҳудудларнинг 50—100 миллион аҳолиси касалланиши аниқланган.
Провинциянинг маъмурий маркази бўлган Гуанчжоу шаҳрида касалланганларнинг энг кўп қисми жойлашган. Пашшалар назорати учун 450 га яқин махсус станциялар ташкил этилганига қарамай, мутахассислар касаллик тарқатувчи ҳашаротлар ҳаво ҳарорати пасайганидагина камайишини айтмоқда. Хитой ҳукумати Гуандун, Фуцзянь ва Юньнань провинцияларига, шунингдек, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига сафар қилувчиларга пашшалардан ҳимоя воситаларидан фойдаланишни тавсия қилмоқда.
Изоҳ (0)