Лондондаги Harrods дўконида дунёдаги энг қиммат конфетлар ҳар бир қутиси 1000 доллардан сотувга қўйилди, деб хабар бермоқда ТАСС. Лондоннинг The Daily Mail газетаси янгилик харидорларнинг катта қизиқишига сабаб бўлганини маълум қилган.
Delice савдо белгиси остида Бирлашган Араб Амирликларида ушбу конфетларни ишлаб чиқараётган компания раҳбари Жалил Гайзанинг сўзларига кўра, ҳозирда кунига камида битта қути сотилмоқда. Svarovski тошлари ва 24 каратли олтин билан безатилган қутиларда 240 тадан конфет бор.
Конфетлар Франциянинг Valrhona компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган дунёдаги энг қиммат шоколадлардан биридан тайёрланади. Бироқ конфетларга ўзгача таъмни турли хил қўшимча маҳсулотлар беради. Тунис бодоми, Афғонистон пистаси, АҚШдан келтирилган ёнғоқ ва Туркия кедр ёнғоғи ширинлик таркибига қўшилган.
Аввалги энг қиммат конфетлар машҳур Роберто Кавалли дизайнерлик уйига тегишли «Зебра пралине» ширинликлари бўлиб, 150 конфетдан иборат қутилар 425 доллардан сотилган.
Изоҳ (0)