Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан муфтий Усмонхон Алимов 2014 йил 3 октябрь куни Ўзбекистон ҳожилари номидан Президент Ислом Каримов номига Макка шаҳридан самимий қутлов йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу,
Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!
Сизни ва гўзал юртимизнинг барча фуқароларини қутлуғ айём — Қурбон ҳайити муносабати билан муборак заминда ҳаж ибодатини чин ихлос, имон-эътиқод ила адо этаётган ҳожиларимиз номидан самимий муборакбод этамиз.
Биз, ўзбекистонлик ҳожилар она диёримизнинг келажаги буюк ва ёруғ, халқимиз ҳаёти янада фаровон, Сизнинг раҳнамолигингизда амалга оширилаётган барча хайрли ишлар бардавом ва баракотли бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуода бўлмоқдамиз.
Истиқлол туфайли, Сизнинг ташаббусингиз билан дунё илм-фани, маданияти, хусусан, муқаддас ислом таълимоти ривожига бемисл ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг муборак номлари қайта тикланиб, бой илмий мерослари ўрганилмоқда, қадамжолари халқимиз ардоғидаги табаррук манзилларга айлантирилмоқда. Ҳар йили минглаб фуқароларимизнинг ҳаж ва умра ибодатларини юксак савияда, қулай шароитларда адо этаётганлари, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда виждон эркинлигини кафолатлаш, миллий-диний қадриятларимизни асраш ва улуғлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг ёрқин ифодасидир.
Комил ишонч билан таъкидлаймизки, Ватанимизнинг янада обод бўлиб, равнақ топишида, ўз олдимизга қўйган юксак мақсад ва марраларни эгаллашимизда энг катта мезон, аввало, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, барқарорлик ва ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитининг яратилганидадир.
Ушбу баракотли онларда Сиз, муҳтарам Президент Жанобларига мустаҳкам саломатлик, бахт-саодат, она Ватан тараққиёти, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлидаги хайрли ишларингизда Яратганнинг Ўзи мададкор бўлишини сўраб дуолар қилиб қоламиз.
Изоҳ (0)